Жиззаҳ вилояти прокуратураси вилоятнинг Дўстлик туманида бўлиб ўтган ҳодиса – ИИБ ходимининг ўз кўкрак қисмига ўқ узиб, оқибатда вафот этганлиги тўғрисидаги «Ҳуқуқ ва истеъмолчи» газетасида чоп этилган мақола бўйича расмий баёнот берди.
Унга кўра, 2020 йил 29 август куни соат тахминан 09:40 ларда Дўстлик туман ИИБ маъмурий биносининг назорат ўтказиш пунктида хизматга жалб қилинган туман ИИБ ходими бўлган марҳум Ш.Б ўзига бириктирилган «Макаров» номли 7230-рақамли жанговар қурол билан кўкрак қисмига бир маротаба ўқ узиб, тан жароҳати олганлиги сабабли туман тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари томонидан кўрсатилган тез тиббий ёрдамларга қарамасдан, Ш.Б соат 10-30 ларда вафот этган.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этаётгани қўшимча қилинган хабарда.