Американинг «Coalition for a Safer Web» (Хавфсиз интернет коалицияси) нотижорат ташкилоти президенти Марк Гинсберг «Google» тегишли бўлган «Alphabet» компаниясини судга берди, деб ёзмоқда «Daryo» «Meduza» хабарига асосланиб.
У Калифорния суди компанияга «Google Play» дастурлар дўконидан «Telegram» мессенжерини ўчириб ташлаш мажбуриятини юклашини талаб қилмоқда.
Гинсбергнинг иддао қилишича, «Telegram» экстремизм ва антисемитизмни тарқатишга имконият яратади, шунингдек, ирқий асосда таҳдидлар юбориш ва зўравонликни мувофиқлаштириш учун фойдаланилади. Даъвода таъкидланишича, Капитолийга шиддатли ҳужумдан кейин «Google» ўзининг дастурлар дўконидан Трамп тарафдорлари орасида машҳур бўлган «Parler» ижтимоий тармоғини ўчириб ташлаган, аммо «Telegram»га нисбатан бундай чорани қўлламаган.
Аввалроқ Гинсберг «Apple» корпорациясини ҳам «Telegram»ни «App Store»дан ўчириш талаби билан судга берган эди.
«Telegram» асосчиси Павел Дуров суд даъвосини тўғридан-тўғри изоҳламади, аммо бир ҳафта ичида мессенжер администраторлари АҚШда зўравонликка қаратилган юзлаб даъватларни блоклаб қўйганини маълум қилди.