Ўзбекистонда 2020 йил январь ойидан сентябрь ойигача 4294 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. ИИВ ЙҲХББ маълумотига кўра, ЙТҲлар сони 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 510 тага камайган (ўтган йил январь-сентябрь ойларида 4804 та ЙТҲ содир бўлган).
2019 йилнинг январь-сентябрь ойларида оқибати ўлим билан тугаган 1398 та ЙТҲ юз берган бўлса, 2020 йилнинг ҳисобот даврида бу кўрсаткич 1293 тани ташкил қилган. 2020 йилда жароҳат олганлар сони эса 3886 нафар.
ЙТҲларнинг 1919 таси пиёдалар, 728 таси болалар, 579 таси велосипедчилар, 77 таси мотоциклчилар, 146 таси такси ҳайдовчилари билан содир бўлган. 17,8 фоиз ҳолатда автофалокатлар пиёдаларнинг кўчани нотўғри жойидан кесиб ўтиши оқибатида юз берган.
Шунингдек, ЙТҲларнинг 15,5 фоизи белгиланган тезлик режимига риоя қилмаслик, 6,3 фоизи велосипедчиларнинг йўл қатнов қисмида ҳаракатланиши, 6,2 фоизи ҳайдовчи рулда ухлаб қолиши, 1,7 фоизи эса маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш оқибатида келиб чиққан.
Ўтган давр мобайнида йўл ҳаракати бўйича жами 3,9 миллиондан ортиқ қоидабузарликлар аниқланган. Уларнинг 2,1 миллиондан ортиғи қўпол қоидабузарликлар сирасига кирса, 565,5 минги хавфсизлик камарини тақмаслик ҳолати бўйича қайд этилган.
2020 йилнинг 20 август. Соат тахминан тунги 23:20 лар. Шоҳрух Искандаров (исм-фамилиялар шартли равишда ўзгартирилган) пойтахтда фаолият юритувчи МЧЖлардан бири билан тузилган ижара шартномасига кўра, ўзига ҳайдаш ҳуқуқи берилган, техник соз ҳолдаги «Ласетти» русумли автомашинада икки нафар ўртоғи билан гаплашиб ўтирибди. Йигитларнинг кайфияти чоғ, чунки улар ҳозиргина тоққа чиқиб, маза қилиб дам олиб, кўнгилхушлик қилиб келишни режалаштиришди ва қаерга бориб, ҳордиқ чиқариш тўғрисида бир тўхтамга келишиб олишди.
— Бунақа «тойчоқ»да икки соатга қолмасдан Чорвоққа етиб олса бўлади-да! — деди олд ўриндиқда ўтирган Икромбек Олимов Шоҳрухнинг қўлидаги автомобиль калитига ҳавас билан қараб қўяркан. — Нима дединг, ўртоқ?
— Йўғ-э?! — дея унинг гапига унчалик ишонқирамади орқа ўриндиқдан жой олган Умар Салимов. — Наҳотки икки соатда Чорвоққа етиб бориш мумкин бўлса?!
— Икки соатда эмас, узоғи билан бир соатда Чорвоққа бориб, дам олиш учун дача гаплашаётган бўламиз! Ишонаверинглар! — дея Шоҳрух калитни бураб, моторни ўт олдирди-да, машинага бир-икки марта яхшилаб газ берди. Темир тулпор турган жойида силтаниб-силтаниб қўйди, аммо жойидан силжимади. Чунки Шоҳрухнинг бир оёғи тормоз педалини босиб турарди.
— Ана, кўрдингми, агар ҳозир оёғимни тормоздан олсам борми, бу машина қанот чиқариб учади! — дея мақтанди шундан сўнг Шоҳрух кўзлари ёниб. — Хоҳласанглар, сўзимни исботлаб беришим мумкин…
Бу сўзларни айтганидан кейин эндигина 18 ёшга тўлган ва ҳали ҳайдовчилик тажрибаси юқори бўлмаган йигитча «Ласетти»га чийиллатиб газ берди-да, машинани Бобур кўчаси томонидан Шота Руставели кўчаси бўйлаб катта тезликда ҳайдай бошлади. Орадан саноқли сониялар ўтиб, автомобиль спидометри аввал 100, кейин ундан ҳам юқори тезликни кўрсатди.
— Айтдим-ку, бу машинани қанчалик тез ҳайдасанг ерга ёпишиб, қанот чиқариб, учади! — дея ёнидаги дўстларига қараб кулди Шоҳрух «Ласетти»нинг тезлигини янада оширар экан. — Шундай ҳайдасам, беш дақиқадан сўнг шаҳардан чиқиб, ҳалқа йўлга тушиб оламан.
Чиндан ҳам, Ш. Искандаров бу сўзларни айтганида автомобиль спидометри соатига 130 километр тезликни кўрсатаётган эди.
— Ўртоқ, сал секинроқ юрсанг-чи, ҳар қалай шаҳар ичидамиз, — деди орқа ўриндиқда ўтирган Умар дўстининг бу қадар тез машина ҳайдашидан бироз чўчигандек бўлиб.
Аммо унинг бу сўзлари эътиборсиз қолди. Шоҳрух «Ласетти»га янада қаттиқроқ газ берди. Орадан кўп вақт ўтмай ёш йигит бошқарувидаги машина Шота Руставели кўчаси билан Муқимий кўчаси кесишмасидаги кўприк остига етганида кутилмаган фожиа юз берди. Яъни Шоҳрух Искандаров ўзи катта тезликда ҳайдаб кетаётган «Ласетти»нинг рул бошқарувини йўқотиб қўйди ва Муқимий кўчаси остидаги устунга ва йўлнинг ўртасидаги темир устунга бориб урилди. Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида автомашина ичида бўлган икки нафар йўловчидан бири, яъни ҳайдовчи Ш. Искандаровнинг дўсти — Умар Салимов оғирлик даражаси бўйича «ЎРТАЧА ОҒИР» тан жароҳатлари олди, иккинчи йўловчи Икромбек Олимов эса олган «ОҒИР» тан жароҳатлари оқибатида ҳодиса жойида вафот этди.
Аслида, Шоҳрух Искандаров автомобиль бошқариб кетаётганда йўлда бўлган ҳолат ва ўзгаришларга эътибор бериши ҳамда амалдаги «Йўл ҳаракати қоидалари»ни бузмаслиги лозим эди. Афсуски, у амалдаги «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 53, 77, 78, 83-бандлари талабларини бузиб, яъни «ҳайдовчи йўналишни ўзгартиришдан олдин бажарилаётган манёвр хавфсиз эканлигига ва бошқа ҳаракат қатнашчиларига халақит бермаслигига ишонч ҳосил қилиши керак»лиги, «ҳайдовчи ҳаракатнинг серқатновлигини, транспорт воситаси ва юкнинг хусусияти ҳамда ҳолатини, йўл ва об-ҳаво шароитини, шунингдек, ҳаракатланиш йўналишидаги кўринишни ҳисобга олган ҳолда транспорт воситаси тезлигини белгилангандан оширмасдан бошқариши керак»лиги, «тезлик ҳайдовчига Қоидалар талабларини бажариш учун транспорт воситасининг ҳаракатини доимий назорат қилиб бориш имкониятини бериши керак»лиги, «ҳаракатланиш вақтида ҳайдовчи аниқлай олиши имкониятида бўлган хавф ёки тўсиқ пайдо бўлса, у транспорт воситасининг тезлигини тўла тўхташини таъминлайдиган даражада камайтириш ёки тўсиқни бошқа ҳаракат қатнашчилари учун хавфсиз айланиб ўтиш чораларини кўриши керак»лиги, «аҳоли пунктларида транспорт воситасининг тезлигини соатига 70 километрдан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат этилган»лиги, «ҳайдовчи қувиб ўтишни бошлашдан олдин ўзи ўтмоқчи бўлган ҳаракатланиш бўлаги қувиб ўтиш учун етарлича масофада бўш эканлигига, қувиб ўтиш жараёнида ҳаракатланишга хавф туғдирмаслигига ва бошқа ҳаракат қатнашчиларига халақит бермаслигига ишонч ҳосил қилиши шарт»лиги, «рельссиз транспорт воситаларини фақат чап томондан қувиб ўтишга рухсат берилиши» ҳақидаги қоидаларга амал қилмасдан ҳаракатланиши оқибатида мудҳиш автофалокат содир бўлди ва ушбу йўл-транспорт ҳодисаси натижасида ҳали ҳаёт лаззатларига тўймаган, эндигина 18 баҳорни кўрган йигит ҳаётдан бевақт кўз юмди.
2020 йил октябрь ойининг 21 куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой тумани судининг очиқ сайёр суд мажлисида, судья Т. А. Касимов раислигида Шоҳрух Искандаровга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.
Суд ҳукмига кўра, Шоҳрух Искандаров Ўзбекистон Республикасининг ЖК 266-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилди. Шоҳрух Искандаров Ўзбекистон Республикасининг ЖК 266-моддаси 2-қисми билан 3 (уч) йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, унга 3 (уч) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Ўзбекистон Республикасининг ЖК 266-моддасига асосан Шоҳрух Искандаровга тайинланган жазо шартли ҳисобланиб, 2 (икки) йил синов муддати белгиланди.
Мана, ҳурматли ўқувчи, кўнгилларга ғашлик солувчи яна бир ЙТҲ тафсилотлари ҳамда суд ҳукми билан сизларни қисқача таништириб ўтдик. Хулоса ўрнида шуни таъкидлашни истар эдикки, ҳайдовчилар транспорт воситасини бошқариш чоғида амалдаги «Йўл ҳаракати қоидалари»га риоя этишса, йўлларда турли автофалокатлар сони камайган бўларди.
Т. А. КАСИМОВ, Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди судьяси
Суннатулло АБДИМУРОД ўғли, журналист