Ассалому алайкум! Менинг 11 ёшли қизим, 9 ёшли, 4 ёшли, 5 ойлик ўғилларим бор. Қизимни уй ишларини қилишга ўргата олмаяпман. Иш буюрсам, ўзини касалга солади, ёки битта ишни чўзилиб қилади. Жуда қийин ҳолдаман. Ўғилларим ҳам жуда шўх. Уйларимни ёйиб ташлашади, керак бўлмаган нарсаларни ҳам кавлашади. Илтимос, менга тўғри йўлни кўрсатинглар.
Педагог:
– Ва алайкум ассалом! Ўзингиз опа-ука, қайинбўйнингиз, қўшниларингиз билан доимо аҳил бўлинг. Фарзандларингизнинг бир-бирига меҳрибон бўлишига ўзингиз ўрнак бўласиз. Оиладаги ишларни бир кишига юклаб қўйманг. Масалан, якшанба куни эрталабки нонуштага бирор егуликни катта қизингиз билан пишираётганингизда 9 ёшли фарзандингиз кўча ёки ҳовлини супуриши, 4 ёшли фарзандингиз оёқ кийимларни тўғрилаши каби ишларни бир вақтда ҳамма бажаришини йўлга қўйишни одат қилинг. Бири иш қилиб, бошқаси ухласа ёки телевизор кўрса, болага алам қилади. "Фақат мен иш қилавераманми?!” деб дангасалик қилади. Ҳадеб уришавермасдан қизингиз билан ўртоқдек гаплашинг. Дўстлари кимлигини аниқланг. Мактабдаги устозлари билан доимо алоқада бўлинг. Aкс ҳолда сиздан сир беркитади. Бошқа тушунадиган одам қидиради. Болаларнинг ўйнаб уйни ёйиши табиий ҳолдир. Бирпас қўйиб беринг, роса мазза қилиб ўйнашсин, уришманг, сўнгра ёйган нарсаларини жойига қўйишни ҳам ўзларига юкланг. Таҳоратли юришга, ибодатли бўлишига, Қуръон ва ҳадислардан ёдлашга ўргатинг. Aйниқса, ўғилларингизни қизиққан спорт тўгарагига беринг. Ортиқча энергиясини яхши нарсага сарфлайди. "Исломга бағишланган умр” китобини ўқисангиз, катта ибрат оласиз, иншааллоҳ! Валлоҳу аълам.