Бу оламда Аллоҳ инсонлар учун икки буюк неъмат берганки, бундан фойдаланганлар улкан давлатни қўлга киритишади. Булардан бири соғлиқ, иккинчиси эса хотиржамликдир.
Инсон барча ютуқларга соғлом пайтида эришади. Хотиржам вақтини хайрли ишларга сарфлаганлар эса олий саодатга етишади. Соғлиқ ва хотиржам вақтнинг қадрини билмоқ лозим. Бу иккиси Аллоҳнинг шундай буюк неъматики, ҳар соҳада ҳаётий аҳамиятга эга. Улар барча неъматларни умумлаштиради. Бу борада Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: "Икки неъмат борки, бу икки неъматдан кўпчилик маҳрумдир. Бири соғлиқ, бири хотиржамликдир”.
Аллоҳнинг инсонларга ато этган энг катта неъмати хотиржам вақтидир. Инсонлар бундан ғофилдирлар. Ҳолбуки, бу олий неъмат қадрини билиб фойдаланиш лозим. Соғ пайтларида бўш вақтларини илм йўлига сарфламаганлар ўзларини алдашади. Азиз умрларини ҳавога совурадилар. Дунё-ю охиратда зарар кўрадилар. Инсон шу неъматни ғанимат билиб, энг муҳим ишларга сарфласа яхшидир. Бу инсон ҳаёти учун жуда муҳим. Шунинг учун буюк инсонлардан бири ушбу ҳикматли сўзни айтган: "Вақтдан ютган кундан ютади. Кундан ютган, умрдан ютади. Вақтини йўқотган кунини йўқотади, кунини йўқотган умрини йўқотади”. Вақтини бекорчи ишларга сарфлаганлар касаллик ва кексалик пайтида қандай бойлик қўлдан кетганини англаб етадилар, пушаймон бўладилар. Бутун маданият оламининг ютуғи шу икки неъматга боғлиқ. Барча шахсий ва ижтимоий борлиқ фалокатлари ҳам шу дастурга амал этмаслик сабабли келиб чиқади.
Ҳар бир одам соғлиғини эҳтиёт қилиши, бадан илмини ўрганмоғи керак. Буни ўргатадиган икки илм бор. Бири баданга оид, иккинчиси эса динга оид илм. Баданга оид илм илмларнинг бошланиши, яъни сиҳат илмидир. Ейиш-ичиш интизомини билмаган кишининг соғлиғи яхши бўлмайди. Сиҳат илмида меъда биринчи ўринда туради. Меъдани тўлдириш маърифат эмас. Асл маърифат вужудга ўнғай овқатланиш, меъдани хасталикдан эҳтиёт қилишдир.
Меъдани тўлдириш хасталантиради, микробни кўпайтиради. Инсон иштаҳаси бор пайтда хоҳлаганча овқатланиши, аммо меъдани тўлдирмаслиги керак. Шу сабаб ҳақиқий инсонлар иштаҳа очилмагунча овқатланмайди ва чанқамагунларича сув ичмайди. Яна иштаҳаси бўла туриб овқатланишни тўхтатадилар. Чунки бундан ортиқ таом меъдани касаллантиради. Давомли парҳез эса соғлиқни яхшилайди. Ғам-қайғу юракни, ошқозонни, инсон саодатини бузади. Бадан илмининг иккинчиси юракка дунё ғамини олмасликдир. Бу дунё ҳар бир инсон учун имтиҳон дунёсидир. Унда инсон жуда кўп алам ва қайғу кўради. Ҳамма нарсада хотиржам бўлишга ҳаракат қилиш, соғлиқ ва саодат хотиржамликдадир. Биз ҳаётда кўриб турибмизки, муваффақиятлар калити бадан сиҳати ва хотиржам вақт неъматини билганларга берилади. Инсон шу икки неъматни билса, энг юксак даражага эришади. Ҳар бир инсон доимо ҳаётда соғлиғини эҳтиёт қилиши, хотиржам вақтдан унумли фойдаланиши керак. Мана шулар дастур қилиб олинса саодат ва саломатликка етишиш йўлини танлаган бўлади.