Бирлашган Араб Амирликларидаги энг юқори турувчи исломий ташкилот ҳисобланувчи Фатво Кенгаши коронавирус вакциналари бўйича қарор чиқарди. Ушбу фатвога кўра, таркибида чўчқа желатини каби ҳалол бўлмаган моддалар бўлса ҳам коронавирус вакциналарини қабул қилишга рухсат берилди. Бу ҳақда Амирликларнинг WАМ янгиликлар агентлиги 22 декабрда хабар қилган.
Бугунги кунда кўпчилик мусулмонлар орасида коронавирус ваксиналарининг таркибий қисмларига қўшилган моддалар ҳақида савол пайдо бўлиб, ислом шариатида бундай вакцинани қабул қилишга рухсат бериладими ёки йўқми, деган хавотир кучаймоқда. БАА Фатво Кенгашининг вакцина бўйича фатвоси эса ана шундай гумонлар бўйича саволга жавоб берди.
"Коронавирусга қарши вакциналар одамлар учун касалликдан ҳимояланиш воситаси ҳисобланади. Айниқса, вирус юқтириб олиш эҳтимоли юқори бўлган пандемик касалликлар юз бериб, бутун жамият хавф остида қолиши мумкин бўлган пайтда эмлаш ислом дини томонидан тавсия этилади” дейди Фатво Кенгаши.
Кенгашнинг фатвосига кўра, агар бошқа йўли бўлмаса, Исломда ҳаром деб ҳисобланган моддаларни ўз ичига олган вакциналарни қабул қилиш тақиқланмайди. CОVID-19 минглаб одамларнинг ҳаётини хавф остига қўядиган ўта юқумли касаллик бўлганлиги сабабли вакциналардан фойдаланиш жоиздир.
Маълумот учун, Дубай 23 декабрдан бошлаб ўз аҳолисини Pfizer вакцинаси билан эмлашни бошлади.