АҚШ Конгресси мамлакат электр станцияларида ишлатиладиган ураннинг 17 фоизини ташкил этувчи Россия уранини импорт қилишни тақиқловчи қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда. Бу каби ҳар қандай санкция самарали бўлиши учун Қозоғистон ва Ўзбекистонни ҳам ўз ичига олиши керак.
Россия ва унинг икки яқин иттифоқчиси Қозоғистон ва Ўзбекистон АҚШ атом электр станцияларида ишлатиладиган ураннинг қарийб 40 фоизини етказиб беради. АҚШнинг Россия уранига ҳаддан ташқари таяниши эса унинг миллий хавфсизлиги ва иқтисодиёти учун хавф туғдиради.
Таъкидланишича, ҳозирда Қўшма Штатларда фақат иккита уран кони фаолият юритади. Бундай конларнинг кўплари бир неча йиллар олдин ёпилган, чунки улар Россия ва бошқа мамлакатлар, жумладан, Хитойдан арзон нархлардаги импорт билан рақобатлаша олмаган.
Қўшма Штатлар 17 та минерал бўйича импортга тўлиқ муҳтож. Аммо мамлакат учун уран алоҳида аҳамиятга эга. АҚШ жуда кўп уран ресурсларига эга, аммо энергия ишлаб чиқариш учун зарур бўлган деярли барча уран импорт қилинади.
Қайд этилишича, импорт бўшлиғини тўлдириш учун Қўшма Штатлар Канада ва Австралия каби дўст мамлакатлардан кўпроқ уран олиши мумкин. Мамлакат ўз уран ресурсларидан фойдаланиш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқчи.